«Бир пиёла чой устида” давра суҳбати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3-февраль куни “Қишлоқ хўжалиги экин майдонлари унумдорлигини ошириш, тармоққа инвестициялар жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-18-сонли Фармонининг мазмун моҳиятини тушинтириш мақсадида “бир пиёла чой устида” давра суҳбати ташкил этилди. Учрашувга нуроний деҳқонлар, фермерлар, томорқачилар, ёшлар ва ёш деҳқонлар, экспортёрлар, кооперациялар вакиллари қатнашди.

Учрашув бошида туман ҳокими Бекзод Мадаминов сўзга чиқиб, Давлатимиз Раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан қишлоқ хўжалигида олиб бораётган ислоҳотларига тўхталиб, ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимиз томонидан яқинда қабул қилинган ПФ-18-сонли Фармоннинг мазмун моҳиятини тушунтирди.

Хусусан, Фармон билан жорий этилаётган ер ажратиш ва ердан фойдаланишдаги янги имтиёзлар, ер участкаларининг пасайтирилган нархда аукцион савдоларига чиқарилиши, ижара муддатининг узайтирилиши, сув таъминотининг кафолатланиши, экинларни мустақил жойлаштириш  ҳуқуқи каби бир қанча янги тартиблар, шунингдек, ижарага берувчи ва ижарага олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига алоҳида тўхталиб ўтди. Давра суҳбатида нуроний деҳқонлар, фермерлар, ёш деҳқонлар ҳамда соҳа мутахасисларининг фикрлари эшитилди. Иштирокчилар Фармон билан ўрнатилаётган янги тартиблар, енгилликлар ва имтиёзларни кўтаринки кайфият билан қабул қилди, айрим деҳқончилик билан шуғулланаётган томорқачилар, ёшлар шу ернинг ўзида янги тартиб асосида аукционга чиқарилган ер участкалари савдосида иштирок этишини билдирди.

Маълумот учун: Фармон билан қуйидаги янги тартиблар ва енгилликлар жорий этилмоқда:

Ерлар контурлар яхлитлиги ва суғориш тизимини бузмаган ҳолда, 3 гектардан 50 гектаргача ўлчамда савдога чиқарилади;

Ҳар бир лот ҳужжатида ернинг норматив қиймати, бонитет бали, тупроқ таркиби ва сифати таҳлили натижалари, алмашлаб экиш тавсия этиладиган асосий ва такрорий экин турлари кўрсатилади;

Ижара муддати 49 йил ва ундан кейин ҳам узайтириш имконияти мавжуд (аввалги тартиб бўйича 30 йил эди);

Аукционда бошқа вилоятдан келганлар, олдин ер олганлар ҳам, қўшма ва хорижий корхоналар ҳам чекловларсиз иштирок эта олади;

Ҳар бир лот учун сувнинг йиллик энг паст ва энг юқори лимити белгиланади, давлат (Туман ҳокимлиги, Сув етказиб бериш хизмати) лимит доирасида сув етказиб беришни кафолатлайди;

Ғолиб аукционда аниқланган нархни 15 кун ичида тўлиқ тўлаши шарт (амалдаги тартибда 5 ёки 10 йилга бўлиб-бўлиб тўлайди.

Аукцион ғолиби қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:

Экин тури, нави ва ҳажмини мустақил белгилаш, пахта ва ғаллани фақат ўзи маъқул деб ҳисоблаган тақдирдагина етиштириш;

Ижара ҳуқуқини бошқа шахсга сотиш (қайта ижарага бериш), гаровга қўйиш, ерни иккиламчи ижарага бериш;

Йиллик лимитлар доирасида кафолатланган ҳажмда сув олиш;

Дала четида 20 сотихгача, лекин контурнинг 1 фоизидан ошмаган қисмида енгил конструкцияли музлатгичли омборхоналар, саралаш, қадоқлаш жойлари, сув тежовчи технологияларни жойлаштириш.

Бугунги кунда мазкур Фармон билан ўрнатилган тартибда Қўнғирот туманида жами 501,8 гектар ер участкалари «e-auksion» савдо платформасида аукцион савдоларига чиқарилди:

«Әдебият» овул фуқаролар йиғинидан 75,9 гектар, «Өрнек» овул фуқаролар йиғинидан 157,5 гектар ҳамда «Хорезм» овул фуқаролар йиғинидан 268,4 гектар ер майдонлари “e-auksion”савдоларига чиқарилди.

Тадбир иштирокчилари ўз фикр ва мулоҳазалари, асосли таклифларини айтиб ўтди.

   

Skip to content