Озарбайжонликлар Ўзбекистон бўйлаб медиа-контент тайёрламоқда

Маданият ва туризм вазирлиги томонидан Ўзбекистоннинг Боку шаҳридаги элчихонаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистоннинг ёрқин ранглари” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу ғоя асосида Озарбайжон Сайёҳлик блогерлари уюшмасига аъзо бўлган блогер ва журналистлар иштирокида мамлакатимизга пресс-тур уюштирилди.

Лойиҳадан кўзланган мақсад мамлакатимизнинг маданий жозибардорлиги ва туризм салоҳияти билан Озарбайжон фуқароларини ҳам яқиндан таништириш ва шу орқали диёримизга сайёҳлар оқимини ошириш. Қолаверса, республикамизнинг маданият ва туризм соҳасидаги имкониятларини хорижий ОAВ орқали кенг тарғиб қилиш ҳам назарда тутилган.

Озарбайжон Сайёҳлик блогерлари уюшмаси 2020 йил фаолият кўрсата бошлаган. Уюшмага бугунги кунда туризм соҳасида фаолият юритувчи кенг аудиторияга эга таниқли блогер, журналистлар, йирик медиа-компаниялар аъзо.

Пресс-тур иштирокчиларининг Тошкент, Самарқанд, Қўқон, Марғилон, Фарғона, Урганч, Хива, Бухоро шаҳарларига, Ғиждувон, Риштон каби тарихий масканларга саёҳати режалаштирилган.

Лойиҳа доирасида юртимизда туризм соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек маданий меърос объектлари ҳақида туркум фото жамланма, видео ролик, мақола ва репортажлар ҳамда давомийлиги 130 дақиқагача бўлган ҳужжатли фильм тайёрланади.

Материаллар йил давомида Озарбайжоннинг нуфузли ОAВ, жумладан, ““RealTV” va “AzTV”” телеканаллари ҳамда Боку шаҳри кинотеатрларида намойиш этилади.

ЎзА

Skip to content