Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 18 май – Халқаро музейлар кунига бағишланган брифинг ўтказилди. Унда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати раҳбари Моҳинур Имомова музейшуносликка оид ишлар хусусида сўз юритди.
Таъкидланганидек, юртимизда музейлар фаолияти доимий қўллаб-қувватланмоқда. Сана муносабати билан бугун барча музейларда «Очиқ эшиклар куни» ўтказилаяпти. Байрам дастурлари ва янги кўргазмалар очилмоқда.
25-26 май кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлиги Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Музейшунослик ва археология тадқиқотлари: долзарб муаммолар ва замонавий ечимлар” халқаро форуми бўлиб ўтади. Унинг доирасида илмий-амалий конференция, “Буюк ипак йўли” тадқиқотлари” кўп жилдли каталог тақдимоти, кўрик-танлов, кўргазма-савдолар, театрлаштирилган концерт-томоша дастурлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Ҳозирда музейлар туризм соҳасининг етакчи тармоғига айланиб бормоқда. Бугунги кунда юртимизда 150 та музей фаолият юритиб келмоқда. Шундан 49 таси асосий музейлар (улардан 6 таси музей-қўриқхоналар) ва 78 таси филиаллар, шунингдек, 16 таси идоравий ва 7 та нодавлат музейлар ҳисобланади. Республикамиз музейлари фондларида жами 2,5 миллиондан ортиқ тарихимиз билан боғлиқ ноёб музей ашёлари ва коллекциялари мавжуд.
Сўнгги йилларда музейларни ривожлантиришда асосий эътибор соҳага ахборот технологияларни фаол татбиқ қилиш, рақамлаштириш ишларига қаратилмоқда. Ҳозирги кунга қадар Миллий музей фондининг давлат каталогига давлат музей ва музей-қўриқхона ҳамда уй-музейларидан жами 1,2 миллионга яқин музей ашёлари киритилган.
Музейларга ташриф буюрувчилар сонини ошириш мақсадида давлат музейларида ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “Очиқ эшиклар куни” деб эълон қилинди ва ташриф буюрувчиларга бепул этиб белгиланди. Ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари 18 ёшгача бўлган болалар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи ота-оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар) Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш учун давлат музейларига бепул киритилади, деб белгилаб қўйилган.
2022 йилда ўқувчи ва талабалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва бошқа фуқароларнинг музейлар ва мамлакатимизнинг тарихий манзилгоҳларига ташрифларини ташкил этиш мақсадида “Мозийга саёҳат” дастури ишлаб чиқилди.
Дастур доирасида ўтган давр мобайнида жами 800 минг 586 нафар аҳолининг музейларга қўшимча ташрифи ташкил этилди. Шундан, 81 минг 260 нафари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар, 113 минг 366 нафари давлат ташкилотлари ва муассасалари ходимлари, 605 минг 960 нафари эса ўқувчи ва талаба ёшларни ташкил этади.
Ташрифларни ошириш мақсадида ўтган давр мобайнида музейларда 200 дан ортиқ “Музейда тун”, “Open Air Fest” каби кўнгилочар дастурлар, концерт томошалари ташкил қилинди. Имконияти чекланган шахслар, мактаб ёшидаги болалар, кекса ташриф буюрувчилар ва уларга ҳамроҳлик қиладиган шахсларнинг музейларга келиши учун инклюзив шароитлар яратиш учун 47 та музейда пандус йўлакчалари, 7 та музейда кўтарилиш воситалари (лифт) ўрнатилган ва 30 га яқин музейларда аудиогидлар ташкил этилган.
2022-2023 йилларда республикадаги давлат музейлари томонидан 400 дан ортиқ кўчма кўргазмалар ташкил этилган.
Бироқ олис ва чекка ҳудудларда музей фондларида сақланаётган ноёб музей ашёлари ва коллекцияларининг кўчма кўргазмаларини ташкил этиш учун хавфсиз ва мақбул жойнинг йўқлиги, ашёларни хавфсиз ташиш учун махсус транспорт воситалари мавжуд эмаслиги асосий муаммолардан бири бўлиб келмоқда.
Музейларни аҳолига яқинлаштириш, олис ва чекка ҳудудларда кўчма кўргазмалар ташкил этиш чораларини кучайтириш бўйича бу борадаги муаммо босқичма-босқич бартараф этилмоқда. Хусусан, музей ашёларини хавфсиз ташиш учун 9 та махсус транспорт воситалари билан таъминланди.
Давлат музейларига маданий бойликларни, шу жумладан, мустақиллик йилларида яратилган,
юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарларини харид қилиш учун “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси ташкил этилиб келинмоқда. Акция доирасида ҳар йили давлат бюджетидан 3 миллиард сўмдан ҳамда ҳудудлардаги тегишли давлат музейларига маҳаллий бюджетдан 500 миллион сўмдан маблағ ажратиб борилиши белгиланди.
Акция доирасида бугунги кунга қадар аҳолидан жами 3 минг 811 та ашё ва буюмлар тўпланди. Шундан, 3 минг 400 та ашё ва буюмлар аҳоли томонидан музейларга беғараз топширилди. 147 та ашё 7,5 миллиард сўм миқдорда баҳоланди ва уларни республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан харид қилиш бўйича Бадиий экспертлар кенгаши қарори қабул қилинди.
Н.Усмонова, ЎзА