
Кеча мактабда ўқийдиган ўғлим ёнимга келиб: – Дада, байроғимиз ҳақида шеър ёдладим, айтиб берайми? – деб қолди.
Тасдиқ ишорасини олгач, шоша-пиша шеърни айтишга тушди. Бирдан хаёлимга келган фикрни амалда синамоқчи бўлдим. Хонамга кириб столим устида турган мўъжазгина давлатимиз байроғини олиб чиқиб, унинг қўлига тутдим ва шеърни бошидан айтишини айтдим.
Бирдан ўғлим гавдасини ғоз тутиб, қўлидаги байроққа бир қур назар ташлади. Сўнг жиддийлашган кўйи шеърни дона-дона қилиб, шошилмай ўқий бошлади. Кўзлари чақнаб, недир ғурур ва виқор билан, тантанавор тарзда байроқ ҳақидаги сатрлар учарди унинг тилидан…
Ҳа, бежиз давлат рамзи деб аталмайди герб, мадҳия ва байроқ. Уларнинг ҳар бири мустақиллигимиз, жаҳонда тенглар ичра тенглигимиз, ҳеч кимдан кам эмаслигимиз, асосийси, суверен мамлакатда яшашимиз, шу юртнинг эркин фуқароси эканлигимиздан дарак бериб туради. Халқимизнинг шон-шарафи, шаъни, тарихий хотираси ва мақсад-интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта ҳаёт, кўз қорачиғидек асрашимиз лозим бўлган буюк истиқлол, ёруғ келажакка бўлган сўнмас ишончимиз ифодасидир. Мустақиллигимизнинг тимсолларидан бири – Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли сифатида намоён бўлади. Турли халқаро анжуман ва тадбирларда, нуфузли спорт мусобақаларида, байрам ва тантаналарда ҳилпираб турган байроғимиз барчамизнинг қалбимизга ғурур-ифтихор бағишлаб туради.
Эътибор берганмисиз, давлат ташрифлари, халқаро спорт мусобақаларида давлатимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз жаранг сочган онларда танангизда титроқ туриб, беихтиёр кўзга ёш келади… Бу нимадан дарак? Юраклар қат-қатига жо бўлган Ватан ҳиссининг жунбушга келишими ё қонимизда оқаётган аждодлар руҳининг салобати-ю, уларга эҳтиром, бугунгидек тинчлик ва фаровонлик учун жон олиб-жон берган халқимиз орзу-умидлари рўёби учун шукроналик, қувонч ифодасими?
Тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, Амир Ҳусайнга қарши жангга киришдан аввал Амир Темур бобомизга пири Сайид Барака байроқ ва ноғора тақдим этган. Соҳибқирон ҳокимият тепасига келганидан кейин ҳам давлат рамзларига катта аҳамият берган. “Жанг вақтида агар битта жангчи тирик қолса ҳам, у мамлакат байроғини баланд тутсин”, дея фармон берган экан. Чунки давлат байроғининг эгилиши, ерпарчин бўлиши ўша давлатнинг жангда мағлуб бўлганини билдиради. “Темур тузуклари”да қайд этилишича, ёв устидан шижоат ва мардлик кўрсатиб ғалаба қозонган амирлар ҳамда сипоҳийларга давлат тимсоллари – туғ ва ноғора инъом қилинган. Бу эса салтанат рамзлари нечоғли баланд мақом тутганидан далолат беради. “Ё Ватан, ё шарафли ўлим”, дея ўз юрти учун курашган Нажмиддин Кубро мўғулларга қарши жангда Ватани байроғини қаттиқ ҳимоя қилган ва уни қаттиқ тутганича жон берган. Ровийларнинг айтишича, мардонавор ҳалок бўлган Кубро ҳазратларининг қўлларидан байроқни айириб олиш анча мушкул кечган экан…
Бугун дунёнинг турли бурчакларида, нуфузли ташкилотлар қошида, Президентимиз иштирок этаётган халқаро анжуманларда давлатимиз байроғи халқимизнинг азалий орзу-мақсади – тинчлик, хотиржамлик, поклик ва табиатга меҳр, мусаффо осмон ва элимиз бирлигидан дарак берганча мағрур ҳилпираб туради.
Мустақил давлатимиз байроғи тинч ва осойишта, озод ва эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимиз тимсоли бўлиб ҳамиша баланд-баландларда ҳилпирайверсин. Зеро, биз унда заҳматкаш, меҳмондўст жонажон халқимизни, истиқболи порлоқ янги Ўзбекистонимизни, бир сўз билан айтганда, она Ватанимизни кўрамиз, ҳис қиламиз. Она юртимиздаги тинчлик ва осудалик ҳеч қачон бизни тарк этмасин, байроғимиз баланд-баландларда Ўзбекистон деб аталмиш жаннатмакон юрт шаъни, шону шавкатидан дарак бериб ҳилпирайверсин. Қалбимизда фақат бир сўз – муқаддасдир Ватан байроғи.
М.Сулаймонов,
ЎзА