
Мексиканинг Гвадалахара шаҳрида таэквондо WT бўйича давом этаётган жаҳон чемпионатининг тўртинчи куни Ўзбекистон терма жамоаси учун омадли келди.
Чемпионатда аёллар ўртасида +73 килограмм вазн тоифасида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Мудофаа вазирлиги Спорт маркази спортчиси, Қуролли Кучлар хизматчиси Светлана Осипова шиддатли баҳсларда барча рақибларни мағлуб этди ва юртимиз хотин-қизлари орасида биринчилардан бўлиб таэквондо бўйича жаҳон чемпионлигига эришди.
Мусобақанинг саралаш босқичидан сўнг АҚШ вакиласи устидан ғалаба қозонган Светлана Осипова чорак финалда Марокаш, ярим финалда австриялик рақибаларини томошабинлар сафига кузатиб қўйди.

Финалда исроиллик Дана Арзанга қарши чемпионлик учун жанг олиб борди. Мураккаб баҳснинг биринчи раунди тенг курашлар остида ўтган бўлса, иккинчи ва учинчи раундларда Светлана устунликка эришди ва рақибасини 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақанинг олтин медалига сазовор бўлди.
Тақдирлаш маросимида Светлананинг ғалабаси шарафига 122 та давлат вакиллари гувоҳлигида Ўзбекистон мадҳияси янгради. Хур байроғимиз юксалди.

Айни ҳолат жаҳон ахборот воситалари, телеканаллар орқали кенг намойиш этилганлигини ҳамда бундай қувончли онларнинг айнан Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган куннинг 31 йиллиги байрами билан ҳамоҳанг келиши мамлакатимиз спорти ҳаётида унутилмас воқеалардан бири бўлиб қолиши шубҳасиз.
Яна бир эътиборли ҳолат. Ушбу ғалаба Шерзод Тошматов раҳбарлигидаги Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясида «Париж – 2024» Олимпия ўйинларига тайёргарлик жараёнлари самарали олиб борилаётганлигининг яна бир ёрқин ифодасидир.
С.Осипованинг ушбу ғалабасидан кейин Ўзбекистон терма жамоаси медаллар жамғариш борасида 1 та олтин ва 2 та бронза медали билан умумжамоада кучли бешликка кўтарилиб олди.
18 ноябрь куни юртимиз таквондочиларидан Ниёз Пўлатов 63 килограммда, қизларимиздан Ситора Эргашева 53 килограмм оғирликда медаллар учун курашга киришади.
Эслатиб ўтамиз, чемпионат баҳслари 20 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин РЎЗИЕВ,
ЎзА