Давлатимиз раҳбари томонидан «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни имзоланган. Мазкур Қонун аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги муносабатларни ҳар томонлама тартибга солувчи илк бор қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат сифатида Ўзбекистон тарихидан ўрин олди. Чунки шу вақтгача бу соҳада қонунчилигимизда ҳеч қандай ҳужжат йўқ эди. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилди. Қонунни ишлаб чиқишда БМТ ва Европа статистиклари конференциясининг аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича асосий тамойиллари ва тавсияларидан асос сифатида фойдаланилди. Қонун бешта боб ва ўттиз бир моддадан иборат бўлиб, унда Қонуннинг мақсади, асосий тушунчалар, аҳолини рўйхатга олишнинг вазифалари ва принциплари ёритиб берилган. Асосий принциплардан бири шуки, аҳолини рўйхатга олиш ўн йилда камида бир марта ўтказилиши ҳамда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисидаги қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Жараёнда шахсга доир маълумотлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатгаолиш варақлари асосида рўйхатга олувчи шахслар томонидан уйма-уй юриб, ҳар бир респондент учун алоҳида тўлдирилади.