Аҳолини рўйхатга олиш белгиланган аниқ пайтда (аҳолини рўйхатга олиш санаси) ўтказилади. Респондентларнинг шахсга доир маълумотларини йиғишда рўйхатга олиш санасидан кейин содир бўлган демографик ҳолатлар ҳисобга олинмайди. Масалан, аҳолини рўйхатга олиш санаси 2023 йил 1 ноябрь деб белгиланган бўлса, унда 1 ноябрдан кейин туғилган болалар учун рўйхатга олиш варағи шакллари ва бошқа рўйхатга олиш ҳужжатлари тўлдирилмайди, бироқ ушбу санадан кейин вафот этган шахслар учун тўлдирилади. Бунда вафот этган шахс тўғрисидаги маълумотлар унинг вояга етган, муомала лаёқатига эга оила аъзолари ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади.
Аҳолини рўйхатга олиш жараёнларида шахсга доир маълумотларни йиғиш:
ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган (Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ва планшет қурилмалари ёрдамида) ҳамда ахборот хавфсизлиги талабларини таъминлаган ҳолда амалга оширилади:
респондентлар яшайдиган (вақтинча бўлиб турган) турар жой ва нотурар жойларга, биноларга ташриф буюрган ҳолда уйма-уй юриб сўров ўтказиш орқали амалга оширилади. Рўйхатга олиш варағи шакллари рўйхатга олувчи ходимлар томонидан планшет қурилмалари ёрдамида респондентларнинг сўзлари асосида тўлдирилади;
аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш даврида яшаш (турган) жойида ҳозир бўлмаган ёки вояга етмаган шахслар (респондентлар) тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар мазкур уй хўжалигининг вояга етган аъзолари томонидан маълум қилинади. Ўзига нисбатан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган шахслар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар уларнинг васийлари ёхуд ҳомийлари томонидан маълум қилинади;
яшаб турган хонадонида (жойида) рўйхатдан ўтишни истамаган респондентлар учун рўйхатга олиш варағи шаклларини тўлдириш туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ажратилган бино ёки хоналарда жойлашган рўйхатга олиш участкаларида стационар рўйхатга олувчи томонидан амалга оширилади;
респондент рўйхатга олиш варағидаги саволларга жавоб беришни рад этган тақдирда, рўйхатга олиш варағи фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органларидаги ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларидаги мавжуд маълумотлар асосида тўлдирилади;
гапириши ва эшитишида нуқсони бўлган фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини йиғиш тегишли ҳудуд бўйича ногиронлик жамиятларининг ходимлари ёки ушбу шахслар билан муомала қилиш имконияти мавжуд бўлган шахслар кўмагида амалга оширилади.
Шахсга доир маълумотларни йиғиш қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варағи шаклларидан фойдаланиш орқали ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда рўйхатта олиш участкаси доирасида фақат бир усулдан фойдаланилади, аралаш усулда (планшет ва қоғоз) рўйхатга олишга йўл қўйилмайди.