Aҳоли ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминланади

“2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-70-сон, 30.04.2024 й.) қабул қилинди
Фармонга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури (Дастур) доирасида, қуйидагилар амалга оширилади:
— ҳудудларда 100 мингта квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қурилади;
— қурилиш ташкилотларига бозор тамойиллари асосида ажратилган кредитлар бўйича компенсация ва кафилликлар тақдим этилади;
— кўп қаватли уй-жойлар қуриш жараёнларига “яшил” уй-жой стандартлари жорий қилинади;
— ипотека кредитларини молиялаштиришга камида 17 триллион сўм маблағ йўналтирилади;
— камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача ипотека кредитлари ажратилади;
— банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган ипотека кредитларини Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан қайта молиялаштириш механизмларидан кенг фойдаланилади.
Фармонга кўра, 2024 йил 1 июндан “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий этилади. Бунда:
— ипотека кредитлари 120 миллион сўмгача миқдорда, 20 йилгача муддатга, Марказий банкнинг асосий ставкасидан тўрт фоиз бандга юқори ставкада якка тартибдаги уй-жойни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш мақсадлари учун ажратилади;
— ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун – ажратиладиган кредитнинг 15 фоизи миқдорида ҳамда фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – кредит муддатининг биринчи 5 йили давомида 12 фоиздан ошган қисмига субсидия тўланади.
Фармонга мувофиқ,  (https://t.me/huquqiyaxborot/15860)дастур доирасида субсидиялар тўлашнинг амалдаги тартибига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилади:
— субсидиялар ажратиш юзасидан аризалар тасдиқланган параметрлар доирасида 2024 йилнинг 15 майидан 1 ноябрига қадар қабул қилинади;
— 2024 йилги Дастур доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – 12 фоиздан ошган қисмига, 2025 йил ва ундан кейинги йиллар Дастурлари доирасидаги кредитлар бўйича эса – Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошган қисмига тўланади;
— бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки бадалнинг бир қисмини қоплаш учун субсидиялар – 2024 йилги Дастурдан бошлаб қатъий белгиланган 30 миллион сўм миқдорида тўланади.
Фармонга кўра, Ипотекани қўллаб-қувватлаш жамғармаси (Жамғарма) ташкил этилади.
2024 йил 1 майдан қуйидаги тартиблар ўрнатилади:
— бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишда ипотека предметини суғурта хавфларидан суғурта қилиш талаби бекор қилинади;
— кўп қаватли уй-жойларни қуриш ҳуқуқи “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги электрон рейтинг баҳоси “С” ва “СС” бўлган қурилиш ташкилотларига ҳам берилади. Бунда, электрон рейтинг баҳоси “С” бўлган ташкилотларга 5 қаватдан юқори бўлмаган, “СС” бўлган ташкилотларга – 9 қаватдан юқори бўлмаган уй-жойларни қуришга рухсат этилади;
— 2025 йил 1 январгача белгиланган янги қурилиш ва махсус техникаларнинг импортида божхона божининг ноль ставкаси қўлланилади;
— “Янги Ўзбекистон” массивларида кўп қаватли уй-жойлар қурилишида иштирок этадиган қурилиш ташкилотларининг айланма маблағларини тўлдириш учун  бюджетдан 500 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.
— қурилиш ташкилотларига Тошкент шаҳрида – 9 ва ундан юқори, бошқа шаҳарларда – 7 ва ундан юқори, қишлоқ жойларда – 5 ва ундан юқори қаватли уй-жойлар қуриш учун ажратилган миллий валютадаги кредитлар бўйича 24 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга “1+1” тамойили асосида ҳудудларнинг тоифасидан келиб чиқиб кафиллик ва компенсациялар тақдим этилади.

Skip to content