Ҳаётнинг гултожи ўзингсанг,Аёл!

Баҳор ва аёл!

Улар иккитаси ҳам гўзаллик, яратувчанглик, яшартиш қудратига эга. Меҳрибон оналаримиз,мўътабар опа -сингилларимиз, дилбар қизларимизни бежиз баҳорга ўхшатмаймиз. Гўзаллик ва янгиланиш, умр давомийлиги баҳор ва аёл тушунчаларида  уйғунлашади. Элимизга баҳор нафасини олиб келган 8-март -халқаро хотин-қизлар байрами  муносабати билан Қўнғирот тумани ҳокимлиги томонидан  ўтказилаётган тадбирларда хотин-қизларимизга бўлган ҳурмат – эъзоз ўзининг ифодасини топмоқда. Файзли ўринлардан бирида бўлиб ўтган байрам тадбирига  жамиятимизнинг фидойи аъзоси сифатида халқ хўжалигининг турли соҳаларида ўзларининг намунали меҳнатлари билан кўзга тушиб келаётган хотин-қизлар ва нуроний онахонлар таклиф этилди. Туман ҳокими Бекзод Мадаминов барчани байрам билан табриклаб, ҳозирги кунда аёл -қизларнинг ижтимоий сиёсий фидойилигини ошириш ва ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш, оналикни ва болаликни асраш уларнинг қобилиятларини юзага чиқариш йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.Яратилаётган имкониятлар сабаб хотин-қизларимиз таълим, санъат, соғликни сақлаш, маданият, спорт, қишлоқ хўжалигининг турли соҳаларида ҳавас қилса арзигувлик ютуқларга, муваффақиятли натижаларга эришиб келмоқда.Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра тумандаги «Алтынкөз-Сартур» биолабораторияси бошлиғи Турдигул Аденбаеванинг «Дўстлик» ордени билан, » Қорақалпоғистон» посёлка фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Жамила Аметованинг «Шухрат» медали билан мукофотланганлиги фикримизнинг далили бўла олади.Байрам кечасига қатнашган барча нуроний оналарга ҳамда  аёл-қизларга туман хокимининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо байрам совғалари инъом этилди.
Ушбу байрам кечасида ҳеч бир аёл -қиз эътибордан четда қолдирилмади, баҳоли эсдалик савғолар, гуллар уларга зўр байрам кайфиятини тақдим этди. Туман маданият бўлими томонидан ташкил этилган концерт дастуридан ўрин олган  Она  ва аёлни ўлуғловчи бахорий тароналарлар, илҳомли тароналар аёл -қизларнинг нозик қалбларига бир олам завқ бағишлади.

Skip to content