Хусусий тиббиёт муассасаларига эътибор соҳада рақобат муҳитини яратмоқда

Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда

Нодавлат тиббиёт ташкилотларига шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлашга рухсат берилди. Улар солиқ ва бож тўловлари бўйича имтиёзларга эга бўлди. Хусусий тиббиёт муассасалари шуғулланиши мумкин бўлган тиббий йўналишлар сони 50 тадан 129 тага кўпайди.

Мамлакатимизда соҳага сўнгги олти-етти йилда татбиқ этилган бу каби енгиллик ва имкониятларни яна кўп давом эттириш мумкин. Бугун бу борадаги ислоҳотлар натижаси қандай бўлмоқда?

Аҳоли саломатлигини асраш ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни янги босқичга олиб чиқиш борасида марра анча юқори олинган. Эътиборлиси, натижа ҳам мақсадга ҳамоҳанг. Бугунги кунда мамлакатимизда нодавлат шифо масканлари сони 8 мингтадан ошди. Бу 2016 йил билан таққосланганда икки ярим баробарга кўпайганини англатади.

Аввало, бу ўзгаришларни одамлар, дардига малҳам истаётганлар ҳис этишлари керак. Пойтахтимиздаги хусусий клиникалардан бирида мураккаб жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказган қизалоқнинг бувиси билан суҳбатлашиб қолдик.

– Бозорга борсанг, расталарни оралаб юриб бўлмайди. Ҳамма савдо қилгани чиққандай гўё, – дейди сурхондарёлик онахон Қизларгул Яхшибоева. – Бу ер шифохона, бунча бемор? Ўзи барчасига шифо берсин. Дунёси шунақа, ҳамма жойнинг қидириб келувчилари бор. Ўн икки ёшли набирамнинг юрагида дарди бор эди. Кўпчилик Ҳиндистон ёки Германияда даволатишимиз кераклигини айтишди. Суриштирдик – қиммат. Катта пулни қўлтиқлаб, чет давлатларга бориш имконимиз йўқ эди. Мушкулимиз ўзимизда, Тошкентда осон бўлди. Дўхтирларимизга раҳмат.

Бугунги кунда тиббиётнинг хусусий секторида 16 минг 500 нафардан ортиқ шифокор, 26 минг нафар ҳамшира фаолият юритмоқда. Республикамиз бўйича йигирмадан ортиқ хорижий давлатлар бизнес доираларининг инвестицияси иштирокидаги 160 га яқин шифохона фаолият юритмоқда.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозим, мамлакатимизда биринчи марта робот-хирург ускунасида амалга оширилган жарроҳлик амалиёти ҳам, дастлабки қўлга киритилган халқаро тиббий аккредитация сертификати ҳам хусусий тиббиёт ташкилотида бўлди.

Замонавий хусусий тиббиёт муассасалари сони ортаётгани муҳим аҳамиятга эга. Яқинда ана шундай шифо масканлари қаторига пойтахтимизда бунёд этилган “M-Clinik” кўп тармоқли тиббиёт маркази ҳам қўшилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 18 март куни мазкур марказда амалга оширилаётган ишлар, яратилаётган шароитлар билан танишган эди.

Ушбу тиббиёт маркази лойиҳасига 2017 йил старт берилган. Бунинг учун 202 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилди. Муассаса учун ажратилган 8 гектардан ортиқ ҳудудда бешта даволаш блоги қурилди. Натижада 147 та стационар ўрин, 1 минг 400 та қатнов қабул қилиш қуввати яратилди.

– Ташриф давомида давлатимиз раҳбари бу ерда яратилган шароитлар билан танишган эди, – дейди “M-Clinik” кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари Зафар Муҳаммедов. – Клиникани муайян йўналишлар бўйича таянч муассасага айлантириш, бу ердаги тажриба асосида шифокорлар малакасини ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар ҳам берганди. Бу бизга билдирилган жуда катта ишонч бўлди. Тиббиётда кутилган натижага эришишда малакали мутахассислар ва илғор техникаларнинг аҳамияти катта. Шу жиҳат инобатга олиниб Германия, Швейцария, АҚШ ҳамда Нидерландия давлатларидан энг замонавий тиббиёт ускуналари келтирилди. Яна бир муҳим жаҳати, лойиҳамиз тўлиқ ишга тушса, 857 та янги иш ўрни яратилади.

Марказнинг йилига 5 мингта кардиохирургик, ангиохирургик, травматологик, нейрохирургик ҳамда урологик йўналишда юқори технологияли операциялар амалга ошириш имконияти мавжудлиги лойиҳанинг қай даражада йирик ва аҳамиятли эканини англатади.

Бу шифо маскани ҳудудида беморлар билан ҳамроҳ бўлиб келганлар учун 120 ўринли меҳмонхона ҳам ташкил қилинди. Хаста одамнинг ёнида яқинларидан кимдир бўлса, бу унинг тез соғайишига хизмат қиладиган омиллардан бири саналади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 1 апрелда имзоланган “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор хусусий тиббиёт муассасаларига кенг кўламли имтиёз ва преференциялар бергани билан ҳам алоҳида эътиборга молик.

Ушбу ҳужжатга кўра, тақдим этилган солиқ имтиёзлари нодавлат тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш имконини берди. Тежалган маблағлар муассасаларни замонавий тиббий жиҳозлаш, зарур эҳтиёт қисмлар, инвентарь ва бошқа буюмлар харид қилиш ҳамда янги иншоотлар қуришга йўналтирилди.

Шунингдек, орттирилган маблағларнинг бир қисми аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизмат кўрсатишга йўналтирилиши муҳим аҳамиятга эга. Демак, солиқ имтиёзлари эвазига давлат бир вақтнинг ўзида аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш билан бирга, сифатли тиббий хизмат кўрсатишни кенгайтиришни рағбатлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этди.

Фарғона шаҳридаги “Meridian” тиббиёт маркази берилган имкониятлардан оқилона фойдаланиб келаётган субъектлардан бири. Икки йил аввал фойдаланишга топширилган бу клиника аҳолига замонавий ташхис ва даволаш хизматлари кўрсатиб келмоқда.

– Германия, Жанубий Корея, Япония ва Хитойдан замонавий ускуналар келтирганмиз, – дейди тиббиёт маркази раҳбари Нурилло Мамасиддиқов. – Шифохонамиз 120 та стационар ўринга, йилига 2 мингта жарроҳлик амалиётини ўтказиш қувватига эга. 2022 йил марказимиз ҳузурида университет ҳам очдик. Айни пайтда олти юз нафар талабамиз бор. Уларга хорижлик малакали ўқитувчилар сабоқ бермоқда. Бу талабалар ўзимизнинг марказда амалиёт ўтайди.

Имтиёз ва имкониятлар янги марраларга замин бўлди. Бугун бу марказ клиникалар, ташхис бўлимлари, замонавий лабораториялар ва университетни бирлаштирди. Бу ўзига хос тиббиёт кластери, дегани.

Тиббиётда хусусий секторни ривожлантириш учун яратилган шароитлар ўзини оқламоқда. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида замонавий нодавлат шифо масканлари фаолият юритмоқда. Бу соҳада соғлом рақобат муҳитини ҳосил қилаётгани сир эмас.

Эътиборлиси, бугун мамлакатимизда 35 та хусусий шифохона давлат буюртмасини олиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларга тиббий хизмат кўрсатмоқда. Уларга давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан етарли маблағ тўлаб берилмоқда.

Юртимизда аҳоли соғлиғини сақлаш борасидаги ишларни изчил давом эттириш, халқимиз учун муносиб турмуш тарзини яратишга оид кенг кўламли ислоҳотлар давом этаверади.

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири

Skip to content