ҲАЗРАТ НАВОИЙ

9-ФЕВРЛЬ ҲАЗРАТ МИР АЛИШЕР НАВОИЙНИНГ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУНИ.

ҲАЗРАТ НАВОИЙ

Мозийнинг қаъридан келади садо,
Маҳзун куйин чертар тинмайин садо,
Кўнгилни овутар ёқимли наво,
Ҳазрат Навоийнинг руҳи шод бугун,
Рубоий, ғазаллар куйланар бу тун.

Сўз мулкин султони, шердир назмда,
«Қаро кўз» ларини куйлар базмда,
Авлодлар давони ҳар дам таъзимда,
Ҳазрат Навоийнинг руҳи шод бугун,
Рубоий, ғазаллар куйланар бу тун.

Ҳар бир достонлари асл жавоҳир,
Ҳайратлангайдурсан, ўқиб бирма-бир,
Оламга улашди илмини ахир,
Ҳазрат Навоийнинг руҳи шод бугун,
Рубоий, ғазаллар куйланар бу тун.

Икки мисра байтига Лутфий бўлди лол,
Эътироф айлади Турбатий Камол,
Навоийсиз назм бўлмас, эҳтимол,
Ҳазрат Навоийнинг руҳи шод бугун,
Рубоий, ғазаллар куйланар бу тун.

Мудом порлагайдир буюк тимсоли,
Ҳидоятга чорлар илму зилоли,
Кундуз қуёш,тунда мўъжаз ҳилоли,
Ҳазрат Навоийнинг руҳи шод бугун,
Рубоий, ғазаллар куйланар бу тун.

 

Skip to content