Қўнғирот туманида Конституция куни байрами муносабати билан тадбир бўлиб ўтди

Конституция – халқимизнинг истиқлол йилларида эришган улкан тарихий ютуғи. Зотан, айнан асосий Қонунимиз суверен давлатимизнинг ҳуқуқий негизини шакллантиришнинг асосий пойдевори, мустақил давлатчилигимизнинг тамал тоши бўлди.

Юртимизда ҳуқуқий демократик ва очиқ фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, халқаро майдонда ўзимизга муносиб ўрин эгаллашда асосий Қонунимиз мустаҳкам замин бўлиб келмоқда.  Конституция – биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки ғурур-ифтихор, керак бўлса, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳимоя.  Конституция – нафақат бугунги куннинг қомуси, балки у эртанги кунимиз, қураётган жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи ҳужжат, фарзандларимиз йўлини ёритиб тургувчи маёқдир. Шундай экан, жамиятимиз ҳаётининг мезони бўлган Конституцияни чуқур ва ҳар томонлама ўрганишимиз, унинг маъносига етиб бориб, амалий ҳаётимизнинг доимий қўлланмасига айлантиришимиз даркор.
Бу йил юртимизда Конституция қабул қилинганлигининг 32 йиллиги барча жойларда кенг нишонланмоқда, шу жумладан Қўнғирот туманида ҳам ушбу тантанага алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Маданият саройида ташкил қилинган
тадбирда туман хокими ўринбосари А.Мамутов сўзга чиқиб, Конституциянинг ҳаётимизда аҳамияти, ҳуқуқий онг ва билим нақадар зарурлиги хақида маъруза қилиб, барчани яна бир бор байрам билан муборакбод этди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида аҳоли сони 34 миллиондан ошган бўлиб, бу ўз навбатида Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросининг ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда конституция энг асосий конун ҳисобланади.
Шу кунга қадар мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилмоқда. Бу эса унинг ҳақиқатан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжат эканидан далолат беради. Байрам катта концерт дастури билан давом этди.

 

 

Skip to content