Қорақалпоғистон Республикасида шамол электр станциялари ва саноат корхоналари қурилиши бошланди, савдо мажмуалари ишга туширилди.Шу муносабат билан ўтказилган маросимда Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистоннинг иқтисодий ривожи ҳақида сўзлади.Бунинг учун ҳудудда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Сўнгги беш йилда саноат, тадбиркорлик ва инфратузилма соҳаларида 50 дан ортиқ имтиёз ва енгилликлар берилган. Хусусан, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун тўғридан-тўғри ер ажратиш ҳуқуқи фақат Қорақалпоғистонда жорий қилинган. Қиймати 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларга инфратузилма ҳам тортиб берилмоқда.Имтиёзлар ҳисобига ўтган даврда тадбиркорлар ихтиёрида 2 триллион сўмдан зиёд маблағ қолган.Ҳудудда ишбилармонлик инфратузилмасини яхшилаш учун 44,5 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Натижада охирги йилларда 25 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъекти пайдо бўлган.Биргина ўтган йилда 345 миллион долларлик 1 минг 400 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилиб, 10 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида 730 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилди.Қорақалпоғистонда чет эл капитали билан ташкил этилган корхоналар сони ҳам кўпайиб бормоқда. 2017 йилда 73 та хорижий ва қўшма корхона бўлган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 175 тага етди.Ҳозирда ҳудуд иқтисодиётига туртки берувчи қарийб 9,5 миллиард долларлик 120 дан ортиқ янги йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар 2025-2028 йилларда босқичма босқич ишга туширилади. Натижада 20 мингдан ортиқ янги иш ўрни, 12 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати ва бюджетга 500 миллиард сўм қўшимча тушум яратилади.