Ҳоким Сулайман номидаги жоме масжидида Қурбон ҳайити намози ўқилди

Юртимиздаги ҳар бир маҳалла, шаҳар ва қишлоқдаги тинчлик ва ободлик, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашда Қурбон ҳайити сингари азалий байрам ва қадриятларимизнинг ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда.

Бугун эрта тонгдан Қўнғирот туманидаги Хоким Сулайман жоме  масжидида Қурбон ҳайити намози ўқилди.
Озод ва обод, фаровон ва тараққиёт сари юз тутган юртга байрамлар ярашади. Илло, ҳар бир байрамнинг ўзгача шукуҳи, файзи бўлади. Қурбон ҳайити ўзининг таровати, фазилатлари билан халқимиз кўнглидан чуқур жой олган. Шу боис бу байрам асрлар синовидан безавол ўтиб, миллий қадриятларимиздан бирига айланиб кетган.
Қурбон ҳайити сўнгги йилларда мамлакатимизда кўтаринки руҳда, юқори савияда ўтказилмоқда. Президентимизнинг “Муборак Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилаётир.
Ўтмишдан маънавий ҳаётимизда меҳр-оқибат, бағрикенглик, мурувват, дўстлик ва ҳамжиҳатлик каби эзгу тамойилларни ўзида мужассам этган байрам арафасида тумандаги маҳалла, кўча-куйларда, кўп қаватли уйлар атрофи, қабристонлар, муқаддас қадамжо ҳамда зиёратгоҳларда кенг кўламли ободонлаштириш юмушлари амалга оширилди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳайит намозида дилларимиз қувончга тўлган мана шундай қутлуғ дамларда Қурбон ҳайитига тинч-омон етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтилди.
Қурбон ҳайити байрами тарихи, муқаддас ислом дини буюрган ибодатлар, Ўзбекистондаги ислом дини ривожи, маънавий қадриятлар юксалиши йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, мамлакатдаги бугунги фаровон ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳақида маърузалар ўқилди.Айни пайтда бу муқаддас байрам моҳиятида мужассам бўлган тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик, инсонпарварлик ғоялари бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга ошираётган ислоҳотлар, улкан мақсад ва вазифаларга уйғун ва ҳамоҳанг.

   

Skip to content