Пул топиш илинжида қонунбузарлик қилишга қодир бўларкан киши. Кеча-ю-кундуз фикру-ҳаёли қандай қилиб моддий маблағ топиш ва бирпастда бойиб кетиш ҳамда ортиқча ҳаракатларсиз ва ҳужжатларсиз муқаддас бўлган Давлат чегарасини бузишга қўл ураркан одамзод.
Ёши 40дан ошиб қолган, ақли хуши жойида, 2 нафар фарзанднинг отаси бўлган Алиев Карим (исм-шарифи ўзгартирилган) гарчи оқ-у қорани ажратиб олишни биладиган ва Давлат чегарасида белгиланган тартибни бузиб ўтган ҳолда ҳаракатланиш учун жазо муқаррарлигига қарамасдан тегишли ҳужжатлари йўқ бўлганлиги учун “ўзбек-қозоқ” чегарасини бузиб ўтишга аҳд қилиб, Ўзбекистон ҳудудидан Қозоғистон ҳудудига ишлаб моддий маблағ орттириш учун кетишни режалаштирган.
Орадан бирмунча вақт ўтиб, К.Алиев Ўзбекистон ҳудудининг Қозоғистон билан чегарадош қисми ҳисобланган “Даут-ата автойўл” халқаро ўтказиш пунктининг атрофидан, чегара сим тўсиқларининг тагидан ноқонуний равишда ўтиш йўлларини қидира бошлаган. У бир неча кунлик кузатув ишларидан сўнг, якуний қарорга келиб, Давлат чегарасини бузган ҳолда чегара сим тўсиқлари тагидан ўтиб, Қозоғистон томонга ҳаракатланишни бошлаган пайтида чегара ҳарбий хизматчилари томонидан қўлга олинди. Ундан сўнг, фуқарога нисбатан давлат чегарасини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) жиноят иши қўзғатилиб, одил судлов учун Қўнғирот тумани жиноий ишлар бўйича судига юборилган.
Шундан сўнг, фуқаро К.Алиевга нисбатан жиноий иш тартибида унинг чин кўнгилдан пушаймонлиги ва бундан ноқонуний ҳаракатларни биринчи марта содир этаётганлиги инобатга олиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланади.
Зотан, ҳар бир ишнинг моҳиятини ва унинг охири нима билан якунланишини тўлиқ англаб етган инсонгина бундан ҳолатларга осонлик билан илиниб қолмайди ва қонунбузарликка йўл қўймайди.