МУЛКДОРЛАР ВА ИНВЕСТОРЛАР ИҚТИСОДИЁТИМИЗНИНГ АСОСИЙ УСТУНЛАРИ

Мулкдорлар ва инвесторлар ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш вазифасига фуқаролик жамиятида иқтисодий эркинлигининг энг асосий мезони, демократик тараққиётнинг ажралмас қисми сифатида қаралмоқда. Хусусан, давлат органлари томонидан мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, фуқароларнинг иқтисодий фаолият соҳасида ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва аҳолининг мулкий муносабатларда ҳуқуқий маданиятини юксалтириш изчил давом эттириляпти. Жумладан, Президентимиз ҳам 2022 йилдаги Олий мажлиси ва Ўзбекистон халқига қилган Мурожаатномасида юртимизда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлишини таъкидлаб ўтдилар.

Бу жабҳага эътиборнинг кучайтирилганига асосий омил шуки, мулкдорлар ва инвесторлар иқтисодимизнинг асосий устунларидан биридир. Бинобарин, 2021 йилда жами 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ, шундан, 8 миллиард 100 миллион АҚШ доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция тарзида ўзлаштирилган. Натижада 318 та йирик ва 15 мингдан зиёд ҳудудий лойиҳалар амалга оширилиб, 273 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилган. Янги  корхоналар жами 1 миллиард доллардан зиёд экспорт ва 530 миллион долларлик импорт ўрнини  тўлдириш имкониятига эга.

Бироқ, шундай бўлса-да бу соҳада ҳам бугунга қадар хусусий мулк дахлсизлигини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишда тўсқинлик қилувчи айрим тартиблар, талаблар ва чекловлар мужассам. Шунинг учун:

– ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар;

– турар жойга бўлган мулкий ҳуқуқлар;

– жисмоний ва юридик шахсларга мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган бино ва иншоотлар, транспорт воситаларидан фойдаланиш;

– корпоратив муносабатлар соҳасида давлат иштирокидаги корхоналар мол-мулкини тасарруф этишни таъминлаш даражасини турли ортиқча чеклов ва тўсиқлардан “тозалаб”, Ўзбекистонда мулк ҳуқуқи дахлсизлигини янги босқичга олиб чиқиш зарурати бор.

Қайд этиш лозимки, жорий йил мурожаатнома ва бир қатор ушбу соҳадаги қонун ҳамда фармонлар асосида асосий урғу қуйидаги масалаларни ечишга қаратилади:

– давлат органлари ва ташкилотлари судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган ҳолатлар камайтирилиб улар томонидан жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқларини чеклаш, улардан маҳрум қилиш ёки бошқа ҳар қандай кўринишда таъсир қилишга қаратилган даъволари, аризалари ва шикоятларибож тўловидан озод этилмайди;

– фуқаролик судларида мол-мулкни бировнинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш юзасидан даъволар бўйича даъвогарлар давлат божини тўлашдан озод қилинади (давлат органлари ва ташкилотлари бундан мустасно);

– иқтисодий судларда мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқига оид даъволар юзасидан регрессив (даъво қиймати ошишига қараб давлат божи ставкаси пропорционал равишда тушиб боради) давлат божи ставкаларини қўллаш амалга киритилади.

Халқаро тажрибага юзланадиган бўлсак, мол-мулк ҳуқуқи дахлсизлигини суд орқали ҳимоялаш институтлари АҚШ, Франция, Германия, Япония, Туркия ва Канада сингари ривожланган хорижий давлатларда юксак ривожланган.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, Ўзбекистонда мулкдорлар ҳамда инвесторлар ҳуқуқлари дахлсизлигининг таъминланганлик ҳолатини янада ошириш, давлат органлари аралашувига чек қўйиш, фуқаро ва ташкилотларнинг, хорижий инвесторларнинг мулкий манфаатлари ҳимоясини юридик таъминлаш даражасини юксалтириш мамлакатимиз аҳолисининг фаровон яшашига олиб келади.

 

Д.Давлетов

Қўнғирот туманлараро

иқтисодий суди судьяси

Skip to content