«Сўзда сеҳр бор», дейишади. Аслида ҳам шундай, сизга нимадир уқтираётган одам зўр бериб уни тушунтиришга, фикрларини ифодалашга интилади. Агар у шеър шаклида бўлса-чи? Аслида шоирлар шеърни сизга тушунтириб бериш учун ёзишмайди. Ижодкор қалбидан тўкилган сатрлар сўз орқали сизни сеҳрлаётганини сезмайсиз. Улар шунчаки тизилган сўзлар эмас, у шоир қалбининг нолаларини, ёниқ туйғуларини ифодалайди.
Хайрулла Холтўраевнинг якунланган йилда чоп этилган «Кўнгил кўзгуси» китобини ўқиб, биринчи маротаба кўнгилдан ўйлар кечади. Китобнинг номи рамзий, кўзгу орқали кўнгилни кузатасиз. Шоир қалбга мурожаатни чиройли таърифлаган.
Хазонлар тўкилиб боряпти, лаҳзада
Лаҳзада, айб йўқ, лаҳзада яшанг,
Лаҳзада рўй берар буюк, фожиа,
Лаҳзада ўзгаринг, дилга йўл бошланг.
Яна бирида оддийгина зарра дунёни ўзгартириб юборишига ишора бор:
Бир зарра куйидан тўлғанар фалак,
Бир зарра куйидан ўзгарар осмон.
Бир зарра куйидан оламда ҳадик,
Бир зарра куйидан бўзлар оломон, дея ёзади,
Шоирнинг лирик қаҳрамони қалб ҳайқириғидан сармаст, майпараст олов бўлиб ёняпти, уни Ҳақнинг сўроғи саволга тутмоқда.
Бу – мен, майпарастман, эй, руҳи жонон,
Гирёна айланар Ҳақнинг сўроғи.
Олам нигоҳида қаралар ҳайрон,
Энг буюк ишқ асли қалблар титроғи.
Китобдан ўрин олган шеърларнинг кўпчилигида анъанавий, бахшиёна оҳанглар ҳам бор. Бунинг сабабини унинг Бойсун тупроғида туғилиб ўсгани-ю, болалигидан бахшиёна оҳанглар, Бойсун ижодий муҳитидан таъсирланганидан, дейиш мумкин.
Уйғон, ай минг йиллик чақинлар,
Дилимга гил каби яқинлар,
Сўз айтган тилингда оқинлар,
Эй, кескир тилима, тилима,
Эй, кўкси осмоним – элима!
Бир шеърида қайтиб келмас болалик дамларини эслайди. У севимли шоиримиз Сирожиддин Саййиднинг «Тескарига оққан дарёлар қайтди, болалик қайтмади, қайтмади» деган сатрларини ёдга солади.
Назар солгин ай-кўнглим-ай, хазонларга,
Қайтиб келмас тўзонларга, тўфонларга,
Мовий осмон кўк гумбазли томонларга,
Ойдай тўлин осмон эди ўшал дамлар!
Ойдай тўлин осмон эди ўшал дамлар!
Хайрулла Холтўраев – бошловчи ижодкор. Шеърият дунёсидан тинимсиз баҳраманд бўлса, ҳали яхши асарлар битиши кўриниб турибди. Боиси, шеърларида олифтагарчиликка монанд, сўз тизишлар, ортиқча чираниш йўқ.
Китобга филология фанлари номзоди Олим Тошбоев сўз боши ёзган. Баландпарвозликдан холи, самимий ижод йўлига интилаётган шоир ўз «мени»ни ярата олади.
Ўлжабой Қаршибой