
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасини барчамиз катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатдик. Таъбир жоиз бўлса, бу Мурожаатнома чин маънода эртанги кунимизни белгиловчи мезон сифатида барча соҳалар ривожига хизмат қилиши шубҳасиз.
2023 йилга юртимизда «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб ном берилишида ҳам катта маъно бор. Яъни, Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланди. Мурожаатномада таъкидланганидек, аслида ҳам бизнинг энг бебаҳо бойлигимиз, бу – бунёдкор халқимиз, дуогўй ота-оналаримиз, навқирон авлодимиздир.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатнома аввалида мамлакатимиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўяётгани, ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бераётганини алоҳида таъкидладилар.
Жумладан, якунига етаётган 2022 йил ғоят мураккаб ва синовли йил бўлди. Мана шундай синовлардан халқимиз талафотсиз чиқа олди.
Президентимиз ўз навбатида мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага олиб чиқиш учун бошқарув ҳам, қонунчилик ҳам, жамиятимиз ҳам ўзгариши кераклигига алоҳида урғу берди.
Жумладан, «Аввал – инсон, кейин – жамият ва давлат» деган ғояни Конституциямиз ва қонунларимизга ҳам, кундалик ҳаётимизга ҳам чуқур сингдиришимиз кераклиги айтилди. Чунки бугунги жиддий синовлар ва башорат қилиб бўлмайдиган хавф-хатарларни енгиб ўтиш учун миллий давлатчилигимиз асослари мустаҳкамланиши зарур.
Мурожаатномада биринчи навбатда эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши барчамизни хурсанд қилди. Эндиликда ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш Конституцияда алоҳида белгиланадиган бўлди.
Агар эътибор қаратадиган бўлсак, бу таклиф йиллар синовидан ўтган ва аниқ мақсадларни кўзлаганини кўриш мумкин. Чунки Президентимиз таълимга эътиборни кеча ёки бугун эмас, балки Давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг илк йиллариданоқ бошлаган эдилар.
Жумладан, қанчалик қийин ва машаққатли ҳамда катта маблағ талаб қилса-да, мамлакатимизда Президент мактаблари ташкил этилди. Бу жараён эса тизимли равишда кенгайиб бормоқда. Бугунга келиб эса Президент мактаблари ҳамда барча ихтисослаштирилган мактаблар ана шу илғор таълим технологияси асосида тизимли ишламоқда. Табиийки, шунга монанд тарзда ўқув методикалари ва дарсликлар ҳам янгилаб борилмоқда.
Эътиборлиси, Мурожаатномада бу ишлар яна давом эттирилиши ҳамда келаси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилиши маълум қилинди. Ростдан ҳам, фарзандларимиз мактабдан она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқса, нафақат мамлакатда, балки халқаро даражада рақобатбардош кадрлар бўлиб етишади.
Мурожаатномада таълимдаги яна бир масалага тўхталиб, фарзандларимизни касб-ҳунарларга, санъат ва маданиятга қизиқтириш долзарб вазифа экани таъкидланди. Ҳар биримизни хурсанд қиладиган жиҳат – таълимдаги ислоҳотлар яна изчил давом этади. Яъни, 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилиш бошланиши айтиб ўтилди.
Таълимни ислоҳ қилиш фақат сифатли дарслик ва янги методикалар билан амалга ошадиган вазифа эмас. Бунинг учун аввало қулай шарт-шароит, моддий-техник база зарур. Зеро, бугун аҳоли ўсиши баробарида мактабларда қўшимча ўринларга эҳтиёж пайдо бўлмоқда. Шу боис Президентимизнинг келаси йили 70 та янги мактаб қурилиши, 460 таси кенгайтирилиши ҳақидаги фикрлари барча ота-оналарнинг юрак-юрагидаги, қалб тўридаги хоҳиш-истаклари ифодаси бўлди. Шу билан бирга, хусусий инвестициялар иштирокида
100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланиши, келаси беш йилда уларнинг сони 1 мингтага етказилиши эса соҳада соғлом рақобат юзага келишига хизмат қилади.
Мурожаатномадаги яна бир нуқта барчамизга юқори кайфият бағишлади. Хабарингиз бор, Қорақалпоғистон ва Хоразмда бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш амалиёти йўлга қўйилганди. Мурожаатномада келгуси ўқув йилидан қолган вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам бу амалиёт жорий этилиши маълум қилинганда барчамиз қувондик. Президентимиз томонидан билдирилган ҳар бир таклиф чуқур ўйланган, аниқ мақсадларга йўналтирилгани билан эътиборимизни тортди.
Жумладан, таълим тизимида ҳар қанча қийин бўлса-да, бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатланиш амалиётини йўлга қўйилишида ҳам чуқур маъно мужассам. Яъни, сифатли таълимга эришишда малакали педагог кадрлар, замонавий дарсликлар, илғор методика, қулай шароитдан ташқари, энг муҳими, ўқувчиларнинг соғлом ва илиги тўлиқ бўлишидир.
Бу ҳақда гапирганда халқимизнинг «Бўш қоп тик турмас», нақлини эслашнинг ўзи етарли. Яъни, ўқувчи мавзуларни янада иштиёқ билан ўзлаштириши учун тўйиб овқатланиши зарур. Айниқса, барча билимларнинг пойдевори ҳисобланган бошланғич синфларда бу ўта муҳимдир. Зеро, илиги тўлиқ боланинг ақли тўлиқ бўлади. Шу нуқатаи назардан бугун барча бошланғич синф ўқувчилари бепул овқатлантирилиши чуқур ўйланган қарор, дейиш мумкин.
Мурожаатномада таълим тизимидаги яна бир оғриқли масалага тўхталиб ўтилиб, мактаб битирувчиларининг 50 фоизи меҳнат бозорига ҳеч қандай касбга эга бўлмасдан кириб келаётгани ҳаммамизни ўйлантириши кераклиги айтилди.
Қувонарли жиҳати, бу бўйича ҳам Мурожаатномада аниқ ечим кўрсатилди. Унга кўра 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб янги дастур амалга оширилади. Ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилади. Кимё саноати, электротехника, транспорт ва энергетика соҳаларида нуфузли халқаро ташкилотлар билан бирга, алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилинади. Президентимиз айтиб ўтганидек, бу тизим бизда ҳозиргача бўлмаган. Қисқа қилиб айтганда, янги замон инженерлари тайёрлаш тизими яратилади.
Ўз навбатида боғчалар сонини кўпайтириш, улардаги таълим ва тарбия сифатини тубдан яхшилаш бўйича беш йиллик дастур қабул қилиниши ҳам, боғча қамровини кенгайтириш бўйича хусусий секторга қўшимча шароитлар яратилиши ҳам юқоридаги фикрларнинг мантиқий давомидир.
Келгуси йилда олийгоҳлар учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар 2 баробар кўпайтирилиб, 1,7 триллион сўм ажратилади.
Шу ўринда Абу Наср Форобийнинг «Инсонда гўзал фазилатлар икки йўл билан, таълим ва тарбия йўли билан ҳосил қилинади», деган ҳикматли сўзларини эслаш жоиз.
Бир сўз билан айтганда, таълим ислоҳотлари олдимизга қўйган улкан мақсадимиз – Ўзбекистонда янги уйғониш даври яратилишига хизмат қилади.
Марям АБДУКАРИМОВА
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш Агентлигининг
Тошкент шаҳар филиали бош инспектори