Муносабат
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида бугунги кунда мамлакатда долзарб бўлиб турган масалалардан бири – энергетика соҳасидаги муаммолар ва келгуси йилда уларни бартараф этиш бўйича кўзда тутилаётган чоралар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Дарҳақиқат, энергетика ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий фаровонлигини таъминлайдиган, жумладан, иқтисодиёт тармоқларини изчил ривожлантирадиган, фуқароларнинг фаровон ҳаёти учун имконият яратадиган, таълим, тиббиёт ва коммунал хизматлар каби муҳим ижтимоий соҳаларнинг узлуксиз фаолият юритиши учун шароит яратадиган энг муҳим тизим ҳисобланади.
Таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли сони ва иқтисодиёт тармоқларидаги ўсиш сабабли энергияга, хусусан, электр энергиясига бўлган талаб муттасил ошиб бормоқда. Жумладан, 2019 йилдан бошлаб электр энергиясига бўлган талаб таклифдан 3 фоизга ошишни бошлаган, 2030 йилга бориб ушбу кўрсаткич 6-7 фоизга етиши прогноз қилинмоқда.
Худди шунингдек, электр энергияни ишлаб чиқариш эса республика ЯИМ ўсишига (ўртача 5-6 фоиз) нисбатан (ўртача 2,5-2,7 фоиз) кам фоизда ўсмоқда. Электр энергияси тақчиллиги қўшни давлатлар импорти, хусусан, 64 фоизи – Туркманистон, 20,3 фоизи –Тожикистон, 11,3 фоизи – Қозоғистон ва 4,4 фоизи – Қирғизистон ҳисобига қопланмоқда.
Хўш, мамлакатда электр энергияси қувватлари нега талаб этилаётган эҳтиёжни қондириб бера олмаяпти? Бунинг асосий сабабларидан бири – бугунги кундаги электр тармоқларининг асосий қисми, жумладан, магистрал тармоқларининг 66, тақсимлаш тармоқларининг 62, подстанцияларнинг 74 , трансформаторларнинг 50 фоизи хизмат қилиш муддати 30 йилдан ошганлигидир. Натижада магистрал тармоқларда энергия йўқотишларининг ўртача даражаси 2,72 фоизни, тақсимлаш тармоқларда эса 12,5 фоизни ташкил этмоқда.
Шу сабабли, Президент энергетика соҳасига 25-30 миллиард доллар инвестиция кераклигини ва бунга фақатгина хусусий инвестицияларни жалб қилиш орқали эришиш мумкинлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Президент келгуси йилда янги электростанцияларни ишга тушириш, энергия самарадорлигини ошириш ва “яшил энергия”ни жорий этиш чоралари кўрилишини таъкидлади.
Хусусан, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Фарғона ва Тошкент вилоятларида барпо этиладиган қуёш ва шамол электр станциялари ҳисобига қўшимча 14 миллиард киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу орқали хонадонларга бериладиган электр энергияси 50 фоизга кўпаяди.
Келаси уч йилда барча давлат ташкилотларида қуёш панеллари ва иссиқ сув коллекторлари ўрнатилади.
Аҳоли хонадонларида эса қуёш панели ўрнатишга ажратиладиган субсидиялар ҳажми 2 баробарга кўпайтирилади.
Мазкур кўриладиган чоралар юртимизда энергия тақчиллиги бартараф этилишига ва натижада, республика иқтисодиётининг барқарор ўсиши, аҳоли фаровонлиги учун муҳим ҳисобланган соҳаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Фурқат ЮНУСОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази бўлим бошлиғи.
ЎзА