21 октябрь – Ўзбек тили байрами
Тил масаласи миллат учун энг бош масаладир. Тил миллатнинг ташқи белгиларидан биригина эмас, унинг номи, бошқа маданият унсурларига ўхшамаган ўзига хослигидир. Олайлик, маданиятнинг бошқа йўналишларида (масалан, санъат турлари, кийиниш ёки ошхона тизими сингари хусусий кўринишларда) ўзга маданиятлар билан қоришиқлик, уйғунлик бўлиши мумкин (дейлик, кийимларнинг ёқа ёки енги ҳамма халқларда бир хил ёхуд барча элларда овқат ҳар қандай шароитда ҳам оловда тайёрланади), тил эса фақат ўша миллатнинг ўзигагина мансубдир ва унинг бойлигига ҳеч ким даъво қила олмайди. Шунинг учун ҳам Абдулла Авлоний ўз вақтида бекорга “Тилнинг йўқолмоғи миллатнинг йўқолмоғидир” деб эслатмаган эди.
Тил равнақи ҳақида ўйлаганда бундан ўттиз йил олдинги воқеликлар кўз олдимизга келади. Ҳақиқатан, давлат тили мақомининг нисор этилиши миллатнинг эрк йўлидаги илк қадами эди, бу яқинда эришилажак мустақилликнинг хабари эди гўё. Истиқлол йиллларида суверен давлатнинг расмий алоқа воситаси сифатида она тилимиз янгича мақом касб этди, юқори даражага эришди. Чунончи, тарихда биринчи марта бу тилда давлатнинг асосий бош қонуни – Конституция ёзилди. Давлат мадҳияси шу тилдаги матн асосида ижро этилди. Жуда кўплаб расмий ҳужжатлар, қонунлар, умумдавлат миқёсидаги иш қоғозлари шу тилда қоғозга туширилди. Пул купьюраларида ўзбекча сўзлар пайдо бўлди. Миллий қомус, кўплаб луғатлар нашр этилди. Буларнинг барчаси мисли кўрилмаган ҳодисалар эди.
Шунингдек, тилимизнинг мақеини мустаҳкамлаш, унинг сўз бойлигини ошириб бориш, софлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар бир зум тўхтамади. Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши, машҳур ёзувчи ва шоирлар номидаги ижод мактабларининг очилиши ҳам она тилимизнинг нуфузини ошириш, мавқеини юксалтириш, малакали ходимлар тайёрлаш борасидиги жаҳоншумул қадамлар бўлди. Зеро, “Сўз мулкининг султони” Алишер Навоий ижод қилган тил ана шундай эътиборга, ҳурматга лойиқдир.
Айни паллада, мустақиллик шарофати билан тилимизнинг дунёдаги дўстлари кўпаймоқда. Бу ўзига хос жарангдорлик ва оҳангга эга бўлган, бой адабий-илмий хазинани жамлаган тилнинг муҳиблари уни иштиёқ билан ўрганмоқдалар, тароватини ўз қалбларида ҳис этмоқдалар. Ахир минг йиллар олдин Маҳмуд Қошғарий бобомиз “Бу тилни ўрганинг, туркийлар ўз тилини ўрганганларга шафқатлидир” деб бекорга қайд этмаган.
Шу зайлда йиллар ўтди, бу йўналишда ютуқлар ҳаммамизга аён, шу билан бирга камчиликлар ҳам кўзга кўриниб турибди. Бир омил бор – тил ҳушёр посбон каби мамлакат ҳудудларини қўриқлаши мумкин, яъни шу тилни билганлар, унда муомала қилиш лаёқатига эга кишиларгина унинг ҳудудларида эркин бўла оладилар. Дунё тажрибасидан маълумки, қайси давлатда бўлмасин, ўша жойнинг тилига муносабат меҳмоннинг шу халққа, мамлакатга ҳурматини ва эътирофини акс эттирган.
Бугун “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси асосида ўз тараққиётининг тамомила янги босқичига дадил қадам қўяётган мамлакатимизда барча соҳада бўлаётгани каби давлат тилининг ўрни ва нуфузини ошириш борасида ҳам туб бурилиш жараёнлари янги мазмун кашф этди. Юртимизда спортни ривожлантиришнинг амалий ифодаси ўлароқ, халқаро майдонларда кураш атамалари: “ёнбош”, “чала”, “ҳалол” сингари ўзбекча сўзлар янграй бошлади. Миллий тилимиз тор қобиқдан чиқиб, давлат мақомини олиши Конституция, Қонунлар, БМТ ҳужжатлари, халқаро Шартномаларни ўзбек тилида ёзилишини кафолатлади. Бу ҳаёт ҳақиқати тилнинг нуфузини сақлаш, унга қатъий амал қилишни таъминлашни тақоза этади. Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган 2019 йил 3 октябрда тантанали маросимдаги нутқида бу борада қилинадиган кўламли ишларнинг тўлақонли тарҳини чизиб берар экан, гап нимада эканлигини, масаланинг моҳиятини қуйидагича ифода этди: “Мухтасар айтганда, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”. Мамлакатимизда биринчи марта нишонланадиган Ўзбек тили байрамининг бош шиори ҳам ана шундан иборат.
Мазкур тарихий нутқда таъкидланганидек, “дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир”. Албатта, бу бебаҳо бойлик, буюк қадрият миллий ўзликнинг асрий илдизлари сифатида, ўзбек қавмининг она тили сифатида ўзбекнинг миллий-маънавий дунёсини чароғон қилиб турса, давлат тили сифатида кўп миллатли мамлакатимиз фуқаролари қалбига бир давлатга, бир юртга мансублик, бирдамлик туйғуларини жойлайди, уларни ягона давлат рамзи саналмиш байроқ, герб, мадҳия каби муқаддас тимсоллар сингари бир юртнинг садоқатли фарзандлари ўлароқ бирлаштиради. Айтиш мумкинки, ана шу маънода ўзбек тили Ўзбекистонда фақат бир эмас, балки икки ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий вазифани бажармоқда, ана шундай залворли ва муаззам вазифаларни елкасига ортмоқлаган ҳолда такомил йўлларидан жадал одимламоқда.
Давлатимиз раҳбари 2019 йил 21 октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади. Унда алоҳида қайд этилганидек, “бугунги глобаллашув даврида ҳар бир халқ, ҳар қайси мустақил давлат ўз миллий манфаатларини таъминлаш, бу борада, аввало, ўз маданиятини, азалий қадриятларини, она тилини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига устувор аҳамият қаратиши табиийдир”. Ўзбек тилининг ҳам она тили, ҳам давлат тили сифатидаги тараққиётини таъминлаш, ҳеч бир шубҳасиз, миллий манфаатларимиз ҳимоясининг тамал қадриятларини ташкил этадиган ҳаракатлардан ҳисобланади. Айни пайтда Президентимиз таъбири билан айтганда, “ўз тилини ҳурмат қилган маърифатли эл бошқаларнинг она тилига ҳам чуқур ҳурмат билан қарайди”. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда бениҳоя холис тил сиёсати шаклланган. Унинг талабларига кўра, юртимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатларнинг тиллари ва маданиятларининг ҳурмат қилиниши ва ривожи учун барча шароит яратилган.
Фармонда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомининг ҳаётимизнинг барча жабҳасида тўла-тўкис жорий қилиниши учун тегишли чора-тадбирлар аниқ белгилаб берилган. Бу мақомнинг мунтазамлиги учун давлат ва бошқа ташкилотлар, фуқароларнинг масъуллик интизоми кўрсатилган. Айтиш жоизки, бир неча ўн йиллар давомида тилимиз ривожи борасида биз ишлата олмаган механизмлар фаол ва самарадор ҳаракатга келди. Бу ҳаракатлар маънавият муассасаларида амалий фаолиятнинг етакчи йўналиши сифатида юзага чиқиши лозим.
Маълумки, 2020 йил 23 сентябрь санаси мустақил юртимиз тарихида алоҳида қайд этиладиган бўлди. Шу куни дунёдаги энг нуфузли халқаро тузулмалардан бири – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида нутқ сўзлади. Албатта, бу тарихий воқеанинг аҳамияти ҳақида узоқ сўзлаш мумкин. Бу йилги тадбирларда ушбу ҳодисанинг моҳияти қайта-қайта таъкидланиши талаб этилади.
А.Туреев
Республика Маънавият ва маърифат
маркази Қўнғирот тумани бўлими бош
мутаҳассиси



