Коррупция –– бу жамиятни турли йўллар билан таназзулга олиб келадиган энг салбий унсурлардандир. Ушбу иллат демократия ва инсон ҳуқуқлари устуворлигига путур етказади, жамиятда инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, жамиятда бозор муносабатларини издан чиқаради, одамлар ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва жамият хавфсизлигига таҳдид солади.
Коррупция жамиятда адолатсизлик, тенгсизлик ва аҳолининг норозилигига олиб келади, бу эса барча соҳадаги ислоҳотларнинг натижасига салбий таъсир этмасдан қолмайди. Фуқароларимизда ҳуқуқий онг ҳамда ҳуқуқий маданиятнинг етарли даражада эмаслиги, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қила олмаслиги жамиятда адолат мезонининг бузилишини кўпайтиради, ушбу омиллар ҳам коррупциянинг ривожланишига сабаб бўлади.
Ушбу зарарли ҳодиса катта ва кичик, бой ва камбағал бўлишидан қатъий назар, барча мамлакатларда учрайди. Коррупция иллатини бартараф этиш бўйича дунё мамлакатлари томонидан бир қатор самарали ишлар амалга оширилаётган бўлсада, ҳанузгача у бартараф этилмаяпти.
2017 йил 3 январда Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги 419-сон Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган. Ушбу Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Бош прокуратураси, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари сифатида белгилаб қўйилган.
Коррупцияга қарши курашда жаҳон мамлакатлари тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики фақатгина жиноий қонунчиликни оғирлаштириш йўли билан бу салбий иллатга қарши курашиб бўлмайди. Бу иллатни енгиш учун биринчи навбатда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, энг аввало оилада фарзандлар тарбиясида ёшликдан ҳалолликга, тўғриликга, эркин фикрлашга, ўзгаларнинг ҳаққига хиёнат оғир гуноҳ эканлигини сингдириб бориш, жамиятда содир бўлаётган жараёнларга бефарқ бўлмаслик, ҳамиша адолат қарор топиши кераклигини онгига сингдириб бориш лозим. Шунингдек фуқаролик институтлари фаолиятини кучайтириш, коррупцияга қарши курашиш билан бевосита шуғилланадиган хуқуқни муҳофаза қилиш органлари ушбу иллатга қарши муросасиз курашиши, унинг профилактикасини кучайтириб бориши лозим бўлади.
Қисқача қилиб айтганда, коррупция — тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, балки барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.
Қорақалпоғистон Республикаси Божхона
Бошқармаси “Қўнғирот” ТИФ божхона
пости инспектори О.Р.Бабажанов