1992 йилда Тошкент вилоятида туғилган, миллати ўзбек, ақли хуши жойида бўлган Мавлонов Умиджон Шухратович бир неча маротаба фирибгарлик жинояти учун судланиб, озодликдан махрум қилиш жазосини ўтаб чиққанлигига қарамасдан, осон пул топиш илинжида яна такроран жиноят содир этишга қўл урди.
У 2024 йилда якка тартибдаги тадбиркор сифатида иш фаолиятини бошлаб, Тошкент вилояти Ўртачирчиқ, Чиноз ва Янгийўл туманларида “HARAMAN TOUR” сайёҳлик агентлиги очган ва фуқароларни “Умра зиёрати” сафарига юбориш билан шуғулланишни бошлаган. У.Мавлонов аввал фуқароларнинг ишончига кириш мақсадида бир неча шахсларни танишларининг имконияти орқали “Умра зиёрати” сафарига юборган ва бу орқали бошқа фуқароларнинг ҳам ишончига кириб, тез фурсатда арзон нархларда “Умра зиёрати” сафарини ташкиллаштириб бериши ва керакли ҳужжатларни расмийлаштиришда муаммолар бўлмаслигини айтиб ўтган. Шу мақсадда соҳта тўлов квитанциялари ва сайёҳлик агентлигининг лицензияларини ясаб, жирканч ишларини амалга оширган.
У.Мавлонов тахминан 100 нафарга яқин фуқаролардан “Умра зиёрати” учун пул маблағларини олиб, телефон рақамларини ўзгартирган ва чет эл давлатларига қочиб кетишни мақсад қилиб, яшаш жойидан қочиб кетган. Унга нисбатан фуқаролардан тушган аризаларга кўра, қидирув эълон қилинган. Шу сабабли У.Мавлонов чет элга расмий йўллар билан чиқиб кетишнинг имкони йўқлигини англаган ҳолда фирибгарлик жиноятига қўшимча равишда Давлат чегарасини бузиб ўтиш жиноятига қўл уришни режа қилган.
Орадан бирмунча вақт ўтиб, У.Мавлонов Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманининг Қозоғистон давлати билан чегарадош қисми орқали ноқонуний йўллар билан чегара симтўсиқлари орқали чиқиб кетишга уринган вақтида чегара ҳарбий хизматчилари томонидан қўлга олинган. Ундан сўнг, фуқарога нисбатан Тошкент вилояти жиноят ишлари бўйича суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 223-моддаси (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) ва 168-моддалари (фирибгарлик) билан айбдор деп топилиб, 9 йил муддатга озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланган.